Реферат по предмету "Разное"


Bayrak Yayıncılık Matbaacılık San. Ve Tic. Ltd Şti Davutpaşa Cd. No: 14/2 Topkapı/İst. Türkiye

Муҳаммад СолиҳИҚРОР(Мақолалар)Куллиёт22007И Қ Р О Р(Мақолалар)Муҳаммад СолиҳİKRAR(Makaleler)Muhammed SalihТўпловчи: Пирмуҳаммад ХолмуҳаммадHazırlayan: Pirmuhammed HalmuhammedТираж: 1000 донаTiraj: 1000 AdetISBN: 000 000 000 000Bayrak Yayıncılık Matbaacılık San. Ve Tic. Ltd ŞtiDavutpaşa Cd. No: 14/2 Topkapı/İst. - Türkiye Байрак Яйинжилик Матбаажилик Сан. ве Тиж. Лтд. Шти.Давутпаша Жад. Но: 14/2 Топкапи / Истанбул - ТурцияТел: +90 212 493 1106Фах: + 90 212 493 1107www.bayrakyayincilik.com Ёшларга бағишловМуҳтарам дўстларим, озодлик хаёлларнинг энг гўзалидир, орзуларнинг энг юксагидир. Бу хаёл ва бу орзу сиз учун яратилгандир. Сизларни ватан учун ўлишга чақираётганим йўқ, ватан учун яшашга даъват қиляпман. Ватан учун яшамоқ ― унинг учун ўлмоқдан қўрқмасликдир. Қўрқувдан қутулишнинг йўли битта: яратганга инонмоқ, ватанни севмак ва ҳар иккисига хизмат этмоқ. Бу хизмат билан машғул инсоннинг қўрқувга фурсати қолмайди. Бу китобни сизларга бағишламоқдаман, чунки уни ҳадиксирамай ўқиши мумкин бўлган муҳтамал кишилар сиз бўлажаксиз. Ёши улуғларга бу китоб телба романтизм маҳсулоти бўлиб кўриниши мумкин, аммо сизга бундай кўринмаяжак, чунки сизлар хаёлпарастсизлар. Бунга сизнинг ёшингиз мусоид ва албатта, ақлингиз мусоиддир. Ҳурриятни хаёл қилинг, иншооллоҳ, хаёлингиз ҳақиқатга айланажакдир. Ёшлигингизни, кучингизни ва ақлингизни моддий дунёга таслим этмангиз, уларни иймон, ватан ва миллат ҳуррияти учун харжлангиз. Бу китобдаги мақолаларнинг баъзилари қувғинда ёзилди ва улардаги ғализликлар учун узр сўрайман. Бу ёзувларда муқим бир адабий стил йўқ, чунки каминанинг ҳаётида муқимлик бўлмади. Бу ёзувлар нотекис, чунки юрилган йўл шундай эди. Бу ёзувлардан гўзаллик кутманг, чунки булар ўз қаламини синдириб қўйган бир қаламкашнинг ёзувларидир. Зотан, бундан роппа­роса йигирма йил аввал камина шундай орзу қилар эди:^ Гоҳо қувонч кирар юракка:Менда ахир имкон бор ҳали “Шеър ― севги”, деб алдамасликкаОзодликни севган инсонни!Бисотимда имкон бор, ахир ―Қаламни синдириш имкони! 1975. (“Бешинчи фасл” китоби. Тошкент, 1977)Оллоҳ буюк, нимани ният қилсанг, беради. Биз етмишинчи йилларда шоир Рауф Парфи билан: “Бир куни уйғонсанг­да, бутун Тошкент аҳолиси ўзбекча гаплашаётганини кўрсанг! Ҳамма ҳар ерда ўзбекча гаплашаётган бўлса!”, дея орзу қилардик. Бугун Оллоҳ тилагимизни берди, Тошкентда ҳамма, ҳатто раҳбаримиз ҳам ўзбекча гаплашаяпти. Ҳатто руслар ҳам ўзбекча каломга ўта бошладилар. Аммо ўзбекча гапириши таъқиқланган яна биз қолдик. Бугун куйдирилаётган китобларимиз, газеталаримизнинг ҳаммаси ўзбекча ёзилгандир. Биз энди яна орзу қилаяпмиз: “Бир куни уйғонсак­да...” Дарвоқе, бир куни уйғонсак, Оллоҳ бизга ёрдам этажакдир. Муҳими ― уйғониш!Муҳаммад СОЛИҲ 1995 йил, ноябр^ УКАМГА ХАТУка, менинг бу гапдонлигимни кечирасан деган умиддаман. Одам маслаҳат тинглашга қанчалик зор бўлса, маслаҳат беришга шунчалик ишқибоздир. Мен ҳам акамдан сўкиш эшитиб, сенга маслаҳат бераяпман. Сенга ўхшаган китобхон болалар Ўзбекистонда жуда кўп бўлган, ҳозир ундан ҳам кўп. Шунинг учун хатимни ҳикоядан бошламоқчиман... Уруш йилларида сенинг тенгдошларинг ҳам ўқиб, ҳам далада ишлашга мажбур бўлган. Пахта билан бирга ўсишган. Жисмоний ишга ярамаганлари катталарга чой қайнатиб берарди. Ундан кичикроқлари эса, қишлоққа хат ташиган. Оқ ва қора хатларни (шу мавзуда ёзувчи Одил Ёқубовнинг “Яхшилик” деб номланган ҳикояси бор. Ўқимаган бўлсанг, албатта топиб ўқи). Бу болалар адресларни ҳижжалаб ўқиб савод чиқарган. Ўшалардан бири ширинликдан кўра, китобга ўчроқ эди. Бундан онаси хурсанд бўлса, отаси норози бўлган. Чунки, она болага ширинлик топиб беришдай оғир вазифадан қутулган бўлса, отаси китоб учун пул беришга мажбур эди. Уруш қишлоқда ҳам урушлигини қилган. Яхшиямки, боланинг бахтига, колхоз идорасига жойлашган кутубхона бор эди. Отаси пул бермаганида, у яхши кўрган китобларини ўша ердан олиб, қайта ўқиб чиқарди. Боланинг ғалати одати бор эди: китоб ўқиётганида кимдир кузатиб турса, жон-пони чиқиб кетар, гўё унинг овқат еётганини томоша қилишаётганидек хафа бўларди. Аксига олиб, кичкина синглиси китобдаги суратларни севар, акаси китобни очган заҳоти унинг тепасида туриб оларди. Мабодо, китоб суратсиз бўлса, қизалоқ шовқин кўтариб, онасига шикоят қиларди: “Анавини қаранг, яна суратсиз китоб опкелибди”, деб йиғларди. Болага суратли китоблар ёқмаса, нима қилсин. Китобдаги ҳар қандай сурат унга халақит берарди. Боланинг тасаввури “фалон қаҳрамон мунақа” деса, сурат ўжарларча қотиб: “Йўқ, мана бундай”, ― деб кўзига қадалиб тураверарди. Суратларнинг бу хусусияти боланинг асабини қўзғар, у иложи борича суратга қарамасликка ҳаракат қилар ва ҳатто уларни йиртиб олиб, сингилчасига берарди. Қизалоқнинг жанжалидан қўрққан бола, ҳамма уйқуга кетганидан сўнг китоб ўқишни одат қилди. Бир куни, хона совуқ эмасми, телпак кийиб олиб, китоб устида мудраб кетди. Китоб билан ёнма-ён турган чироқдан телпагига ўт кетиб, уй ёниб кетишига сал қолди. Шу воқеадан сўнг болага кечалари китоб ўқишни ман қилиб қўйишди. Китоб ёниб кетганми, йўқми, бунинг тафсилотини ҳеч ким билмайди. Аммо ёнғин ўша бола онгида ҳозир ҳам ўчмаган. Қиссадан ҳисса шуки, сен тунда китоб ўқиётиб, ҳеч маҳал мудрай кўрма ― ёнғин чиқиши мумкин. Ўша бола китобни севарди, аммо унинг танидаги чарчоқ хоинлик қилди. Чарчоқ мажбурий лоқайдликни ― уйқуни келтириб чиқаради. Суратсиз китоблар эмас, ғоясиз китоблар китобхонни шундай ухлатиб қўяди. “Ғоявий бузуқ китобларни ўқима”, деб ўқитувчиларинг тўғри уқтирган. Мен сенга: “Ғоясиз китобларни ҳам ўқима”, деб маслаҳат бераман.1977^ КЎЗИ ТИЙРАН ДАРДI. АДАШГАН ОДАМДарахтлар тепангда залворли чайқалади. Баҳайбат эман тишларини дев каби ғичирлатади. Бойқушнинг қорачиқлари совуқ ялтирайди. Қандайдир юлдуз япроқлар орасидан мўралаб, қулоқни кар қилгудек чинқиради... Ўрмонда адашиб қолдингми, дарахтга суяниб ўтирган одам? Йўлга чиқаётиб, озиқ-овқат билан жасоратни ҳам етарли олиб чиққанмидинг ўзи? Кўксингни кавлаб кўр, бир бурда қолгандир, балки. Адашган одам ўрнидан туради. Ўша суяниб ўтирган дарахтига йўлни белгиловчи чизиқ тортмоқчи бўлиб энгашади. Лекин ҳайрон бўлади. Кимдир ундан аввал дарахтга белги қўйиб кетибди-ку! Белги эски эмас, ундан ҳали ҳам шира томиб турибди. У бор-йўғи, ўн аср муқаддам ўйилган... У изтиробнинг ягона кўзи, у тажрибанинг қолиб кетган яраси. У энди сенинг ҳам яранг, ҳозиргина дарахтга суяниб ўтирган одам! Афоризмлар ― тажрибанинг суратларидир. Шунинг учун ҳам уларни ёдлаб ақлли бўлиш қийин. Бир жумлани ўйиб қолдириш учун инсон бутун умр яшаши мумкин. Сен эса, адашиб қолаёзган одам, шу билан бахтлисанки, бу жумлани ЯШАДИНГ! Афоризмлар шафқатсиз билимнинг суратларидир: шоир эртак қаҳрамонига ўхшаб кулади ― кулгиси гулдастага айланиб, қўйнимизни тўлдиради. Шоир эртак қаҳрамонига ўхшаб йиғлайди ― кўз ёши гавҳарга айланиб кафтимизга томади. Афоризмлар ― изтиробнинг ҳар хил ҳолатдаги суратларидир. Ҳатто қувонч ҳам изтироб. Бирорта ёзувчи, бирорта шоир шу кунгача изтиробни тўқиб чиқаролмади. Ўйлаб чиқишга уринганлари ҳам яшин тезлигида фош бўлди, шармисор бўлди; уларнинг изтироб деб чекаётгани оддий тамаки эканлигини дунё кўрди. Бирорта ёзувчи, бирорта шоир изтиробни ўйлаб чиқармади. Аксинча, изтироб уларни ўйлаб чиқарди. Ҳақиқий шоирларнинг барчаси ― миллионлаб одамлар ичидан ИЗТИРОБ танлаб олган буюк қуллардир. Кўзи тийран бу дард - шафқатсиз ижод - энг соғлом юракларни танлайди, ўзига бўйсундиради. Ҳар қандай адабиёт ўша соғлом юракларни кутиб яшайди. Бу юрак эгаси тоғлар пинжига яширинган узоқ овулдан келиши мумкин, у водийдан - салқин шамоллар, тилла ўриклар маконидан келиб қолса, ажабмас. У тупроғи кўпчиган, шўр воҳадан келиши мумкин. У ... сиз кутмаган жойдан келади. Шунда сиз уни туғилган қишлоғидан шаҳарга “қочиб” келгани учун худбинликда айбласангиз, бу шаккоклик бўлади - у шаҳарга қишлоғини соғиниш учун келади, меҳнатдан қочиб эмас, меҳнат имкониятини ахтариб келади, ёзиш учун: қишлоқ ва қишлоқ одамлари, шаҳар ва шаҳар одамлари ҳақида тўғри, самимий ёзиш учун келади. Жамоа тугул, ўз дўстларига ҳам яхши таниш бўлмаган, яширин шеър ёзиб юрган бу йигит ўттизинчи, қирқинчи, эллигинчи йилларда очилмай қолган барча чечакларнинг бугун очилишига тақводорларча ишонади. Бир пайтлар эркак одам ўзининг қадоқ кафтларидан, дағал бармоқларидан уялмас, ҳатто зимдан фахрланар эди. Бугун далада суяги қотган ёш ёзувчи “зиёлилар” даврасида ўз қўлларини яшириб ўтиради - ўз шеърларининг дағаллигидан андиша қилади. Бу шеърларни қандайдир нозиктаъб танқидчига узатар экан, шеърлар унинг қўлини тирнаб қўймасмикан, деб хавотир олади. Йўқ, бу қўрқоқлик эмас. Бу “қусур” ўша йигитнинг юраги соғлом эканлигидан яна бир мужда. Шеър дардида бир-икки кўйлак йиртган дўстим! Бир куни сиз ўқиган шеърга аталган қарсаклар тиниб улгурмасдан, ўша йигит ҳали минбарга чиқиб: “Пахта ҳақида бунақа ёзиш керак эмас!” - дея хитоб қилади, сизни қишлоқ ҳаётини билмасликда, “академикликда” айблайди ва ўзининг шеърини ўқиб беради. Сиз шунда, олижаноб қалбингиз кўмагида унга тан берасиз, қарсак чаласиз. Шеър йўлида бир-икки кўйлак йиртган дўстим! Агар бу шаҳарнинг қадимги қалъаларникига ўхшаган дарвозаси бўлса эди, сиз ўша йигит билан дарвоза олдида, шубҳасиз, учрашар эдингиз: учрашув сиз шаҳардан чиқиб кетаётганда, у эса, кираётганда юз берган бўлади. Чунки сизни “шаҳардан бош олиб кетиш керак”, деган даҳрий хаёл анчадан бери безовта қилади. Сиз кенгроқ бўлмоқчисиз... Ёзганларингиз ўзингизга ёқмайди. “Бошни олиб кетиш керак!” Лекин у шунчалик чўян, шунчалар зил-замбил, таъсири яхшидан кўра, ёмон фикрлар - ёлғизлик ва сукунат изидан қувиш каби туманли, яхши англанмаган фикрлар билан тўла бош. Бунақа бошни олиб кетиш қийин. Шаҳардан бутунлай кетиш мумкин. Бундан осони йўқ. Лекин бошни олиб кетиб бўлмайди. Санъатга, адабиётга яқин бўлган ҳар бир одамнинг боши шаҳарда муқаррар қолиб кетаверади. Аммо гап бунда эмас. Гап ўша йигитни шаҳарга бошлаб келган, сизга эса, шаҳарни тор қилиб қўйган дард - ижод изтиробидадир. Барча зиддиятларга сабаб - ўша дард.II. ИККИ ҚУТБ... Мен ўнг ёнимга ўгирилиб, ҳайрон қарайман: шеъриятнинг темир қонуни йўқ, йигирманчи аср барча булбулларни қовуриб еди, гулларни эса, чопиб ташлади, деб ким айтди. Ким у, осмонни нейлонга ўхшатган даҳрий? Юлдузларни куйлаш эскирди, деб бақираётган ким ўзи?Чироқлар ўзгадир. Парвоналар йўқ, Дарахтларнинг шохи - оддий бир илмоқ. Баъзан қорин очдир, лекин кўнгил тўқ - Ҳали ҳам бахт эрур, ахир севилмоқ...деб ўзига далда бераётган тушкун оптимист сенми?Чироқ ўзга. Лекин парвона яшар, Дарахтнинг шохлари эмасдир илмоқ, Севилмоқ бахт бўлган доим, ҳамиша, Бугун ондин кўпроқ бахтдир севилмоқ!Агар шунга ишонмасанг, қаламни беҳуда қийнама. Агар шунга ишонмасанг, сўзларга буйруқ беришга ҳаққинг йўқ. Сен оқшомлар ўтириб, учбурчак нокларни чизган буюк рассомдан ҳайратланасан, завқланасан. Ўрнингдан туриб кетасан. Бўёқлар мусиқасини тинглашга қодирлигингдан қувонасан. Лекин, ўша рассомнинг санъатга олиб кирган янгилиги фақат учбурчак эмас, нок ҳам эканлигини ўйламайсан. Бу машҳур нок учбурчак шаклига кирмасдан олдин ҳам мавжуд эди, бор эди... Фақат шакл... Ажойиб шакл... Агар шунга ишонмасанг, йигирманчи аср кўчасига чиқма, уни тан олмай қўя қол. Агар шундай бўлса, телевизор дарчасидан бақрайиб: “Бизнинг авлод шеъриятга янгилик олиб келди”, деганларинг ғирт ёлғон!.. Ўрнимдан тураман. Кўчага чиқаман. Дунё ғала-ғовурига хайрихоҳлик билан қулоқ солиб турган ҳайкал ёнига бораман. Унинг бошидаги шарқона назокат билан ўралган салла мени довдиратиб қўяди. Унинг кўзидаги асрлар теранлиги мени ўз гирдобига тортади. Бу улуғвор соқолнинг ҳали бир туки ҳам тушмаган. Йўқ, сиз ҳайкал эмссиз. Ҳайкал. Сиз бу элда оғизма-оғиз, қалбма-қалб юрибсиз. Ҳайкални куйлаб бўлмайди, сиз эса қўшиқсиз. Битта ҳофизнинг бўғзига сиғмайдиган улкан қўшиқсиз. Шунинг учун ҳам сизни бутун халқ айтади. Мен сизнинг олдингизга уялиш учун келдим, ҳаяжонга тушмоқ учун келдим, ниҳоят, сиз билан фахрланиш учун шу ердаман: мен сизга таъзим қиламан, улуғ Муйсафид. Мен фақат таъзим қилишга иложим борлиги, тириклигим билан бахтиёрман, холос. Сиз эса, буюксиз. Ҳеч кимга таъзим этмаслик - сизнинг бахтингиз. Менинг омадим шундаки, мен Сиздан кейин туғилдим. Сизнинг саодатингиз мазмуни - мендан кейин ҳам яшайверасиз. ... Улуғ муйсафиднинг пойини манглайимга теккизаман, ортимга қайтаман. Юзимга ўз тарсакимнинг зарби, манглайимда илоҳий либоснинг гарди - изимга қайтаман. Лекин ҳозирги ўйлаган нарсаларимга деярли ёт бўлган хаёллар мени безовта қила бошлайди. Энди мен ўгирилиб, чап томонга қарайман: ким у, шеъриятнинг қонуни темир, деб айтган? Коинот ўлчови фақат мана шунда, деб туриб олган қайсар - ким? Шеър қофиялар билан қулфланган тўрт бурчак қаср, деб ким айтди? Бугунги шеърият нима ўзи? “... Бугунги шеърият ҳижжалаб ўқиладиган, тишга ёнғоқдай қаттиқ тегадиган мураккаб бўлиши керак”, деган фикрга мутлақо қўшилмайман. Лекин шеър уни ҳижжалаб ўқийдиган ўқувчи олдида кечирим ҳам сўрамасин. Шеърият диди ўртача китобхонга ҳам, диди юксак китобхонга ҳам мўлжаллаб ёзилмайди. Ҳақиқий шеър тушунарли бўлиши учун ўз чўққисидан тушиб юрмайди. Ўқувчининг ўзи чиқсин. Бугунги шеърият мушоҳада экспрессивлигини талаб қилади. Экспрессия тушунчаси оддий “ҳатлаб ўтиш” деган гап эмас, балки, ўша ҳатлаб ўтилган масофани йўл-йўлакай тасвирлаб кетишга улгуришдир. Бугунги шеърнинг сўзлари бир-бирининг эркига раҳна солмасин, ҳар бири мустақил жарангласин. Шундагина улар шоир қурган уйда ҳамжиҳат яшайди, бир-бирини севади, демак, уларни ҳеч ким ажрата олмайди. Шундагина шоир “кулди” сўзини ёзмай кулгини, “йиғлади” сўзини ёзмай ёшни тасвирлаши мумкин... Мен нутқимни давом эттирмоқчи эдим-у, бир андиша тилимни боғлаб қўйди: “Ахир сен санаган хислатлар Навоий даврида ҳам, ундан олдин ҳам, шеъриятнинг мезони эди-ку? Фақат ҳозир бу фазилатлар ҳар бир халқ тилида ҳар хил ифодаланади, ҳатто оқимларга бўлиниб, биров реализм деса, иккинчиси экспрессионизм ёки сюрреализм дейди. Аслида ўша “изм”лардан тирик чиққан ҳақиқий шеърлар яшаб қолаверади. Сен бўлса, кашфиёт қилиб ўтирибсан”. Ҳар ҳолда юқоридаги узуқ-юлуқ гаплардан “шеърият тарихида янгилик бўлмаган экан-да”, деган хулоса чиқаришдан қўрқиб, ўзимни оқлайман. “Ҳақиқий шеърлар ҳамиша янги”, деган ҳикмат бор. Қолаверса, юқорида айтилган шеъриятдаги тарихий консерватизм - энг олижаноб фазилатдир. Олижанобликнинг эса янги-эскиси бўлмайди. Кенг маънодаги янги шеърлар “эскилар” даврасига бир неча бор тушиб, нотаниш меҳмон сингари анчагача жим ўтиради, одоб сақлайди, лекин, мулоқот муқаррардир. Дейлик, бундан ўн беш йил олдин ёзилган янги шеър яқинда тилга кирди, ўқувчи билангина эмас, “эски” шеърлар билан суҳбатлаша бошлади. Бу шеърни зукко танқидчимиз (Иброхим Гафуров назарда тутиляпти.Ред) газета саҳифасида моҳирона таҳлил қилиб берди. Мен ўқувчи сифатида унинг истеъдодига таҳсин айтсам, бошқа томондан, унинг шеърият учун самимий куйинишига шубҳа қиламан: “Нега бу тақриз ўн беш йил аввал ёзилмади, шеър босилган эди-ку?” Шеър танқидчисиз тушунилмайди, демоқчи эмасман, аммо танқидчи янги шеър билан эскисининг ўртасида ўн беш йил лом-лим демай ўтириб, тўсатдан: “Танишинглар!” - деб қолса, унинг самимийлигига шубҳа пайдо бўлади. Тўғри, шеър адабиётда ҳодиса бўлолмайди, лекин ҳодисани шундай шеърларнинг маълум ва номаълум лашкари содир қилади.^ III. ҚИЗАРМОҚ БАХТИСуҳбатдошинг сенга қарама-қарши ўтирибди. У гапирар экан, ўртангизда бирор нарса бўлса яхши, май шишасими, тамаки қутисими - сени шишанинг пўкагини ўйнаб ёки қутини чертиб, суҳбатдошингнинг кўзига қарашдай бир азобдан халос бўлишинг мумкин. Борди-ю ҳеч нарса бўлмасачи? У ҳолда сен қаршингда ўтирган кишининг юзига тикилиб ўтиришга маҳкумсан, шунда сен психологнинг “Тик қараш учун суҳбатдошнинг қошлари ўртасига тикил”, қабилида маслаҳатлари ҳам ёрдам беролмайди. Кўпинча бу эҳтиёткорлик фақат сенинг носамимий тингловчи эканлигингдан эмас, балки, сўзлаётган кишининг самимийлигига шубҳа қилишдан ҳам келиб чиқади. Сен бошингни номаълум мавжудот уясига тиқиб, тортиб ололмай ўтирган шўрлик сингари, юзингни қаршингда ўтирган киши юзига ботириб, ноилож ўтираверасан. Мен дўстлар даврасида бу эҳтиёткорликка унча зарурат сезмайман. Чунки, уларнинг аксарияти самимий гапиришади, жуда бўлмаса, ўртамизда май шишаси ёки тамаки қутисига ўхшаш майда-чуйдалар доимо хизматда туради. Бу эҳтиёткорлик кўпроқ шеър ўқиётганда мени безовта қилади. Одамнинг юзи иссиқ, леикн шеър юзи ҳам совуқ эмас. Шеър билан ўқувчи ўртасида суҳбатдошларникига нисбатан кўпроқ самимийлик бўлмаса ёмон. Яқинда дўстларимдан бирининг китобини ўқиётиб, мутолаа давомида бирорта шеърнинг юзига тик қарай олмадим: “Бу гапларни сарбаста эмас, бармоқда айтса ҳам бўлади-ку”, деган фикр мени тинч қўймади. “Куз келди, турналар жимгина учиб кетишди”, - деган бир жумлани минбардан туриб бақиришни ақлимга сиғдиролмайман. Бу воқеа иккинчи бир ҳолатни эсга солди. Дўстим мени учоққа (самолётга) кузатиб қўйиши керак эди. Эрталаб учрашдик. Саломлашдик. Унинг саломида шундай сокинлик ва самимийлик бор эдики, мен йиғлаб юборай дебман. Бу овоз фақат тонг учун яратилган овоз эди. Кейин у такси тўхтатиш учун ҳай-ҳайлаб чопди, бақирди, нимадир деб ўзича ғулдиради. Мен уни танимай қолдим: унинг ҳақиқий овози қаёққадир ғойиб бўлган эди... Шоир дўстимнинг бунисидан фарқи шуки, у саломни таксичига бақиргандай беради. Баъзан одамда ғалати ҳиссиётлар пайдо бўлади. Тасаввур қил: сен хонангда ёлғизсан. Ухлашга чоғланиб ечиндинг, шу пайт, ҳеч кутилмаганда, яқин бир кишингни эслайсан, у кўзинг олдига келар экан, беихтиёр танангни ёпасан. Бу - инсондаги энг олижаноб туйғу - ўзгалар мақтовига муҳтож бўлмаган ички ибодир. Ҳақиқий шоир ёзар экан, ўша туйғуни бошдан кечиради, ёлғонни ёзса, йиртиб ташлайди. Баландпарвоз шеърларни ўқиб, қозоқ шоири Ўлжас Сулаймоннинг: “Миллий маданият, миллий адабиёт” сўзларини айтиб бўлгандан сўнг, қон тупурган одамни кам учратасан”, - деган аччиқ иқрори эсимга тушади. “Кимда изариш қобилияти бўлса, унга ишониш мумкин”, деган экан франсуз шоири.1977^ ОҚ КЎЙЛАКЛАРЙигирма йилдирки, менинг дидимга оқ кўйлак қайта-қайта мос тушаверади. Оқ ранг - менинг заифлигим, менинг ўжарлигим. Ҳаёт экан-да, баъзан у мени бошқа рангдаги кўйлак кийишга мажбур этади, лекин мен каби кимсалар ўша кўйлакда ҳам ўзини оқ кўйлакдагидай ҳис этмаса, уни киймай қўя қолади. Бундан йигирма йил аввал пахтани машинада теришга қарши бўлган раисни “консерватор” деб аташарди. Мен бўлса, ҳозир ҳам ўз шеърларимни машинкадан кўра, қўлда теришни яхши кўраман. Яқин дўстларимдан бири менга: “Тилинг қашшоқ”, деб айб қўйди. Ҳаққоний айб: у менинг кичкина китобчамдан ўндан ортиқ “титроқ” сўзини учратиб, ҳафа бўлибди. Иккинчи дўстим менинг тарафимни олиб: “У қашшоқ, шунинг учун ҳам ҳар бир сўзини ўз ўрнида сарф қилишга мажбур”, деган гапни айтди. Мен уларга: “Ўзимга хиёнат қилмайдиган, вафодор сўзларни ишлатишга ҳаракат қиламан, холос, вафодорлар эса, ҳамиша ҳам кўп бўлавермайди”, деб жавоб қилмоқчи эдим, аммо бу фикрнинг ҳам собитлигига шубҳа уйғонди. Ҳолбуки, ўша титроққа ўхшаган сўзлар, бор-йўғи, менинг оқ кўйлакларим эди. Шунингдек, мен мусиқа “жабҳа”сида ҳам қолоқман, йигирма йилдирки, ҳиргойи қилсам, доимо битта қўшиқ - “Хоразм сегоҳи”ни айтаман. Жўраларнинг “Ҳадеб битта қартани айлантираверадими!” - қабилидаги писандалари ҳам кор қилмайди. Таниш зинапоялардан ҳар куни эрталаб тушиб, кечқурун яна кўтарилган каби, мен ўша қўшиқни ҳиргойи қилсам, таниш зиналарнинг авжи ёки пастида зерикмай кўтарилиб-тушиб юравераман. Гапнинг рости, бу кўйлак - қолган кўйлакларим ичида энг оқи. Баъзан уни ҳеч ким йўқлигида кийиб олиб, роса яйрайман. Мен уни ҳиргойи қилиб ўтирмайман, балки бор овоз билан айтаман. Овозим дағал, ғадир-будир қишлоқ йўли сингари узоқ-узоқларга чўзилади. Бу йўл устида ўзимни, танамни сокин учаётган бургут бошидай ҳис қила бошлайман. Эгнимда бошқа кўйлак бўлса, мен ўзимни камтар ёки мулойим, ҳатто ажойиб одам ҳис қилишим мумкин. Аммо “бургут ҳиссиёти”ни туғдирадиган кўйлак битта - кейинги кўйлагим... Илгари фасллар ичида баҳорни яхши кўрардим. Лекин унга бирор марта севги изҳор қилган эмасман. Яширин шеърлар бағишладим-у, лекин ўзим тан олмадим. Чунки у ҳаддан ташқари ўйинқароқ, борингки, беқарор қиз эди. Мен - тортинчоқ кимса, ундан ҳадик олардим, устимдан кулади, деб қўрқардим. Шундай қилиб, севгим изҳор этилмаганча қолиб кетди. Баҳор менинг яшил кўйлагим эди, енги калта яшил кўйлагим. Энди йигирма йилдирки, кузни севаман. Китобдаги “титроқ” сўзининг кўплигига ҳам куз айбдор. Эркак бир қадар худбин мавжудотдир. Эркак киши аёлнинг уддабуронлигига қойил қолса бас, унинг мардлигини кечира олмайди. У аёлни ҳимоя қилгиси келади. У ҳимоя қилишга муҳтож бир одам. Шу маънода, куз ниҳоятда заиф, заифа - унинг бутун сиймосидан илтижо ёғилиб туради. Унинг барча дарахтлари, жами кўкатлари ва мевалари мендан ёрдам сўрайди, мен эса жон деб ёрдам бераман - мен уни севаман. Менинг оқ кўйлагим - сариқ куз. Ёки: Жуда кўп шоирларнинг авлодларга ёзган мактубларини ўқиб, ҳеч қачон авлодлар олдида ноз қилмасликка қасам ичдим. Бошимни дўстим силамаса, мен унинг набирасига “сила” деб айтиш қўлимдан келмаслигини англадим. Авлодларнинг олқишидан дўстимнинг муштини афзал кўрдим. Унинг ўзини севмай, набирасини кўтариб юриш носамимийлик эмасми? Бу - менинг навбатдаги оқ кўйлагим. Ниҳоят, “ўз жонига қасд қилмоқ - ёмон гуноҳдир, иложи борича яшаган яхши”, деган фикр мени доимо таъқиб этиб юради. Мен уйқу олдидан шу кўйлакни кийиб оламан.1978^ УЛУҒБЕКНИНГ БАРМОҒИБалки, чиндан ҳам файласуфлар айтгандек, инсон дунёни билиб борар. Балки, эрталаб тонгда “фалон юлдузда ҳаёт бор”, деган эълон бизни қувонч ларзасига солар. Биз мўъжизалар кутиб яшаймиз. Фақат бизни “ёқа ушлатган ” бугунги воқеалар эртага оддий нарсага, кундалик воқеага айланиб қолиши шубҳасиз. Биз бўлак ҳайратга тушмаймиз. Нега? Инсон дунёни бора-бора билиб боради, уни олдида мўъжизалар кутади, ортида оддий нарсалар қолади... ва у бўлак ҳайратга тушмайди. Бу фикрни айтган оддий нигилистми ёки ашаддий агностикми, буни билмаймиз. Ҳар ҳолда, у тез ўлиб кетди. У ўз таълимотини тутиб турган устунлар қулаётганини кўрмаслик учун кетиб қолди. У ўзини рад қилган олимнинг тантанали зиёфатида ўтирмаслик учун кетиб қолди. Айтгандай, кетиб яхши қилибди. Негаки, раддия ёзганнинг ўзи ҳам бир куни зиёфатдан кетиб қолган меҳмон сўзларини айнан такрорлайди: “Инсон дунёни била бориб, мўъжиза оддий нарсага айланади ва ... ва у бўлак ҳайратланмайди». Аммо Лев Толстой ҳайратланаверади. У бир куни йўлда қариқиз бутасидаги синган шохчани кўриб таажжубланди, синиқ шохчанинг ҳаёт учун мардона курашини кўриб, шоҳ асарларидан бири - “Ҳожимурод”ни ёзди. Сиз “Ҳожимурод” қаршисида ҳайрон қолинг, Толстой қандайдир ўсимликнинг синган шохини кўриб, иккинчи Ҳожимуродни тасвирласин. Чунки, у нотаниш қизалоқнинг қинғир-қийшиқ ёзилган мактубини ўқир экан, кўзига ёш оладиган одам, чунки, у куз япроғини кўриб, ҳикоя ёзадиган киши. Чунки, у одамнинг мавжудотлар ичида энг мукаммали эканини билса ҳам, ундан ҳайратланаверади. Ўз дўстига хат ёза туриб: “Одамлар осиладиган ўша иншоот дор қайси ёғочдан қурилади”, деб ҳайратланади, инсон ўз оғайниси - инсон бўйнига бемалол сиртмоқ ташлаши мумкинлигидан таажжубланади у. Лекин шоирларимиз бизга: “Қаранг, турна келаяпти - ҳайратланинг!” - деб буюришади, ўзлари эса ҳайратланмайди. “Кулинг!” - деб ундайди оптимистлар, лабида эса, заҳарханда сузади. Чунки, турнадан таажжубланиб бўлмайди. Чунки, куладиган нарсанинг ўзи йўқ, кулдирадиган ҳеч нарса қолмади. Икки карра икки - тўртга бошқалар ҳайрон қолсин. Оддий нарсаларда табассумига арзигулик гап топган одам жилмаяверсин. Биз жиддиймиз. Мўъжизалардан бўлак ҳеч нарса бизни лол қолдиролмайди. Биз, зарурат юзасидан, космик кемалар парвозига қараб, донг қотамиз, аммо асалари ҳаётидаги ажабтовур тартибни кўриб, таажжубланиш учун... Бир куни рассом дўстим менга ўз расмини тақдим қилаётиб расмга нуқиди: - Ванг-Гогнинг “Автопортрет”ига ўхшаб қоптими? Мен эсанкираб қолдим. Фақат саволдан эмас, суратнинг машҳур “Автопортрет”га ўхшаганлигидан ҳам. Оғайни, сенга фақат рассом Ванг-гог эмас, шоир Машраб ҳам, Верлен ва Нервал ҳам ўхшайди, буни билмайсан. Сураткаш сал асбобини бурса, сен Наполеонга ҳам ўхшаб қолишинг мумкин. Албатта, сен Ванг-Гогга ўхшаш учун қулоғингни кесиб беришга тайёрсан, мен эса пакана жаҳонгирга ўхшаш орзусида оёғимни кесиб бераман, аммо биз Ванг-Гогнинг натюмортидаги картошка гулини ўз томорқамизда кўрсак, ажабланмаймиз ёки мен оқ чодирда ётиб, “Вертер изтироблари”ни етти марта ўқишдан эринаман. Ошпазга менгзайдиган Суқрот табиатнинг олдида тиз чўкади, ундан ҳайратланади, суқротпешона ошпаз эса, табиатга қараб эснайди. Айтдим-ку, одамлар ўхшаш, деб. Навоийга ўхшаган йигитлар, Нодирага ўхшаган қизлар кўп. Фақат навоийлар ва нодиралар йўқ. Бари-бир, бешигимизда умид ётибди. У бизнинг ягона фарзандимиз. Уни мудҳиш лоқайдликдан сақлай олсак, бас. Унга айтган алламизда ёлғон бўлмаса, бўлди. Шоир Нозим Ҳикмат: “Ерни бир кунга бўлса ҳам, болаларга берайлик!”, - деб ҳайқирган эди. Бу ташбеҳ. Шоир болаларнинг фақат соддалигини эмас, биз кўролмайдиган нарсаларни кўриш қобилиятини ҳам айтмоқчи… Лекин... - “Фалончининг ҳўкизи туғибди”, деган миш-мишга ишонган одамни ким дейдилар? - деб савол беради ўқитувчи. - Лақма! - дея жавоб беради ўқувчилар. Ваҳоланки, лақманинг кимлигини яшин тезлигида аниқлаган ўша бола яқиндагина эмизак сўриб, юз юваётган мушукка ҳайрат билан қараб ўтирган эди. Мушук бола учун мўъжизалар шоҳи, мислсиз бир махлуқ эди. Унинг ёлғиз билими, тўғрироғи, онасига нисбатан ягона билими - инстинкти бор. Қолган нарсалар - мўъжиза. У чалқанча ётади-да, ўз бармоқларини томоша қилади, бармоқ бўғинларининг ажиб ҳаракатига ҳайрат билан қарайди. Мирзо Улуғбек ўз расадхонасидан юлдузни қандай ҳаяжонда кузатган бўлса, бола ҳам бешикда ётиб, ўз бармоқларини шундай ҳайратда кузатади. Бармоқлари-чи, Улуғбек учун мўъжиза эмасми улар? Мўъжиза. Юлдузлардан ками йўқ ажойибот. Улуғбек ва бешикда ётган бола биз учун илоҳий зотлар. Чунки, улар бизга оддий ва тушунарли кўринган нарсалар олдида таажжубланади, ҳайрон бўладилар. Бизда сўниб бораётган имконият - ҳайрат бор уларда. Лекин биз бешга кирар-кирмас, уч ёшлигимизда кўрган мўъжизамизни деразадан ирғитиб юборамиз, ўн ёшимизда барча ҳайвонларнинг номи ва нега тўрт оёқли эканини имтиҳон қилганга тушунтириб берамиз, ўн ёшда эса, “Фалончининг ҳўкизи туғибди”, деган алдоққа ўқитувчи раҳбарлигида куламиз. Айнан ўқитувчи раҳбарлигида. Чунки, биз учун юлдузларнинг номини Улуғбек топиб қўйган. Бу юлдузларни ўқитувчи ҳам, биз - ўқувчилар ҳам қайта излаб ўтирмаймиз. Чунки, Беруний ер диаметрини, ўн аср аввал аниқлаб берди бизга, энди ернинг юмалоқлиги-ю, унинг қуёш теварагида айланишига таажжубланадиган меров йўқ. “Борди-ю ер ҳўкиз шохида, хўкиз баҳайбат балиқ устида турган бўлса-чи?” Лақма! - дейди бешинчи синфнинг билимдон ўқувчиси. Болаларни алдаб бўпсан! - деб кулади унинг отаси. Хуллас, оддий нарсалардан биз юз ўгирдик. Тўғри, кеча улар мўъжиза эди, лекин бугун нимадир уларнинг моҳиятини бизга очиб берди ва биз юз ўгирдик. Қайси томонга ўгирдингиз? Мураккабликками? Йўқ. “Қайси томонга”, деб, саволни нотўғри қўйманг. “Қайси томондан?”, - деб сўранг, яхшиси. Биз шунда жавоб беришимиз мумкин: оддий моҳияти “очилган” нарсалардан юз ўгирдик, холос. Бизнинг вазифамиз - мўъжизанинг оддий воқеага айланиш жараёнини кузатиш, гувоҳ бўлишдир. Нарсаларнинг ниҳоятда содда ва тушунарли тузилганини сизга ўхшаган соддаларга тушунтиришдир. Ҳеч қачон таажжубланмаслик - бизнинг бурчимиз. Етар, бешикда ётиб ҳайратга тушганларимиз. Қарабсизки, буюк Улуғбек билан тенг қўйилган ўша гўдак сутдан чиққан куни ўз бармоқларидан таажжубланмай қўйди. Отаси ва онаси, мактаби ва ўқитувчиси, бутун жамоат тайёрлаган билим, хабарлардан ясалган нақшинкор, қулай чанага минди-да, воқеалар узра музда учгандай енгил учади. У муз дафъатан ёрилиб кетмаслигини яхши билади, чунки, бугун эрталаб радиодан об-ҳаво совуқлиги фалон даражага етади, деган ахборот берилди. Бари бир бешигимизда умид ётибди. Кунлардан бир кун туриб, ота-онаси тайёрлаб қўйган нақшинкор чанани рад қилса, не тонг! У воқеалар музи узра чанада эмас, ялангоёқ йўлга чиқар. Товонини ялаётган музнинг, китобда ёзилгандай, совуқ эмаслигини, музнинг мутлақо муз эмаслигини кашф этар, балки. Балки Амударёни қулай кемада эмас, Байрон Ла-Манш бўғозини кечиб ўтгандай, ўзи кечиб ўтар ва ўз таассуротини бизга айтиб берар. Ҳар ҳолда, бешигимиздаги янги фарзандимиз - умид. У ҳозир юлдузлардан чарчаб, ўз бармоқларини кузатаяпти. Бизнинг тепамизда, юксак-юксакларда чордона қуриб, бармоқларидан ва шунга ўхшаш бизни қизиқтирмай қўйган мўъжизалардан хайратга тушиб ўтирибди. Улуғбек тирик. Фақат ўз кашфиётларидагина эмас, балки, қоғозга туширолмай ўтирган ғалати-ғалати хаёлларида ҳам тирик.1979^ ИККИ ШОИР ҲАҚИДА БИР ОҒИЗ СЎЗҲар бир иқтидорли шоирни “машҳур бўлиб кетиш” хавфи таъқиб этиб юради. Таъқиб унинг адабиётдаги биринчи қадамлариданоқ бошланади. Бу хавфдан энг талантли шоирларгина қутулиб кетиши мумкин, аммо улар ҳам бир куни қўлга тушади: 60-йиллар ўзбек шеъриятини таҳлил этган танқидчи ёш шоирлар қаторида “Р.Парфи” деган исмсиз шарифни эътироф қилган эди. 70-йилларнининг мунаққиди эса, бу таҳлилни ривожлантирди - у шоирнинг бир шеърини келтирди, мақтагандай бўлди ва ... охирида “бироз мавҳум” деган гапни айтди-да, бутун танқидчиликнинг оғзига сақич солиб қўйди. Шу орада шоир ўнга яқин оригинал ва таржима китобларни нашр этишга улгурди, бироз “енгил” тортди, негаки, унга қўйилган “мавҳум”лик тамғаси бошқаларга ҳам урила бошлади. Гапириб чарчайдиган фақат биз эмас, баъзан сўзлар ҳам (биздан) чарчаб қолишди. Танқидчилигимизда бу ҳолдан тойган сўзлар сони анчагина. Аммо улар орасида энг бахти қораси “мавҳум” бўлиб қолди. Бу сўзнинг маъносини ким тушунтириб беради энди? Ҳар бир нутқида уни ўн бор такрорлайдиган сўзамол муаллимми? Агар сўз - белги бўлар экан, нега у ҳеч нарсани белгиламайди?.. “Мавҳум” нима дегани, қоронғиликми, ҳавойиликми, чигалликми? Ахир, бизга мактабда “тушунилган нарсагина сўз билан белгиланади”, деб уқтиришган-ку. Ҳатто ўша “мавҳум” ҳам англанган нарсанинг белгиси эди аввал ... Абстраксия - ғоянинг ўзига кўра, унинг атрофидаги оддий эътибор чегарасидан ташқаридаги нарсаларга берилган урғу, ғояни бўрттириш усули эмасмикан? Ҳар ҳолда, танқидчининг термин ўйлаб топиш учун ёзгани ёмон. Чунки, ўйлаб чиқарилган термин атрофида бошқа тушунчалар кўкара бошлайди; илдизи ҳавода бўлган ўсимлик униб чиқади. Қарабсизки, танқидчининг ўз боғи бор ва у ўша ўзи ўйлаб топган чаманда меҳнат қилиб юраверади. Керак мавзу эса, қаровсиз қолади. Мен Муҳаммад Раҳмоннинг “Яшил дарё” тўпламини 1979 йилнинг энг самимий китоби, юқорида айтилган ўша “мавҳум”ликдан бутунлай ҳоли китоб деб ўйладим:Ҳаволарга сочилмоқдаОромижон бир атр.^ Бинафшалар очилмоқдаТупроқ ёриб қайдадир.Очилмоқда титраб-титраб,Рангпаргина, нафармон,Биз болалар уни излаб,Боғ кезамиз андармон.-Бинафшажон, қайдасан, айт,Кўрсатақол юзингни.Кўмгандирсан, балки шу пайтХору хосга ўзингни.Ҳатлаб-ҳатлаб юргандирсанАриқларни ёқалаб.Хилватларда тургандирсанКўзларингни уқалаб... (Бинафша шеъридан)Бинафша “ариқларни ҳатлаб-ҳатлаб” юрмайди, у кўзларини ҳеч қачон “уқаламайди” деманг. Акс ҳолда, яна ўша “мавҳум”ликка юз бурган бўласиз. Бу образ. Унда кўз қамаштирадиган бир оқлик бор. У шодликнинг ранги. Балки, изтиробнинг рангидир. Ниманидир излаётган, пайпасланаётган, пора-пора бўлаётган қалб рангидир бу. Мен ташбеҳларнинг самимиятини айтмоқчи эмасман - бунга шубҳа йўқ. Оҳангдаги самимиятни таъкидламоқчиман, холос. Зўраки сўзлардан йироқ, бири иккинчисини мунтазам тўлдириб борувчи озод сатрларни, жўнлик эмас - чинакам соддаликни айтмоқчиман. Бу соддалик “Бинафша”нинг қофияларига ҳам сингдирилган. Улар янги бўлмаслиги мумкин, аммо табиийлиги шубҳасиз. Юксак шеърий нутқ талабларига жавоб берадиган даражада табиий. Қофиянинг ягона вазифаси - ўзининг қофия эканлигини сездирмаслигида, агар таъбир жоиз бўлса, унинг олижаноблигидадир. Афсуски, бугун қофия ҳақида гапиргудек бўлсанг, кулги бўлишинг мумкин. Чунки, жўда кўп шоирларимиз ўзларини қофия дарсини ўтиб бўлдик, деб ҳисоблайдилар. Менинг ўйлашимча, қофия - кашфиёт демакдир. У фақат шоир ёки ўқувчининг эрмаги бўлиб қолмай, балки, адабий тилнинг ривожи учун ҳм хизмат қилиши зарур. Рус шеърияти мисолида кўрсак, 60 йил ичида қофия жараёни жуда кўп босқичлардан ўтди. Маяковскийнинг новаторлиги билан Пастернак ва Асеевларнинг сўнгги шеърларидаги қофия ўртасида фарқ жуда катта. Бизнинг қофиямиз-чи, Навоий замонидан бугунга қадар нимани топди-ю, нимани йўқотди? Буни фақат “танқидчиларга ҳавола” қилиб қўйсак, уят бўлади. Шу маънода бошқа шоирлар қатори Муҳаммад Раҳмоннинг ўз қофиялари борлиги мени жуда қувонтиради. Бу қувонч Муҳаммад Раҳмонни “ёш шоир” деб аташга йўл қўймайди. Шоирнинг ёши йўқ. Ёш шеърида бўлади. “Воя” ёки “балоғат” сўзларини шеърга ишлатган маъқул. Шоирнинг эса, ёши йўқ. У ҳамиша кексадир. Шоир имтиёздан баланд туради. Қаранг, “Яшил дарё” китобининг асосида мунис бир жасорат ётибди. Балки “мунис” сўзи ҳаддан ташқари юмшоқ, “жасорат” эса, қаттиқ туюлиши мумкин, аммо мен бошқа ибора тополмадим. Чунки, шоирнинг жасорати “катта проблемалар қўйиш” билангина чекланмайди, бу жасорат ўз сезгиларидан уялмай келтирган иқрорида ҳамдир. Жасорат дегани атрофидаги ёлғончиларга дўқ уриб, бақиришгина эмас, балки, уларнинг даврасида ўтириб, ўз фикрини айтмоқ ҳамдир. Ваҳоланки, баъзи ёзувчи ва шоирлар “одамнинг сўзи билан иши бир бўлиши керак”, деб ўгит қиладилар, аммо хотинининг қулоғига “бу адабиёт эмас сенга, ҳаётдир” деб шипшийди, ёки “ўзимни адабиётга қурбон қиляпман”, деб шеърлар ёзади-ю, ўзи эса, дуч келгандан қурбонлик талаб қилади, шеъриятдан бошқа ҳамма нарсаси бўлганлар “шеъриятдан бошқа ҳеч нарсам йўқ”, деб алдайдилар. Лекин бу ҳoлaт Рауф Парфининг шеъриятига ҳалал беролмайди. Ҳақиқий шеърият ўзича қувноқ, ўзича исёнкор, ўзича маҳзун. Тингланг: эътибор даъво қилмайдиган бир оҳангда, ўзбек даштлари каби кенг, вазмин, қорабайир туёқларидан сачровчи товушлар маромида шеър қуйила бошлайди. Аммо бу маром алдамчи. Охирги сатрлар сизни ҳушингизга келтириб қўяди… Исён ўз шамойилини ўзгартиришга уриниб кўрди. У муҳаббатнинг кўйлагини кийиб, ўзини кўзгуга солди, мулойим, назокатли кўринишга интилди - бўлмади. Севгининг кўйлаги унга ярашмади. Шунда у тақлиддан воз кечди. Яъни бармоқлари билан ўпа бошлади, ўтли кўзлари билан силай бошлади. Исён ўзлигига қайтди. Ўз овозидан уялмай, куйлаб юборди. Сиз унинг қўшиғини беихтиёр ёд оласиз. Хотирада қолган шеър эса - тирикдир. Ахир айтинг, жавонда турган китобдан ҳам улуғроқ нарса борми? Аслида, ўша китобдан ҳам ўликроқ нима бор? Ҳар қандай китоб фақат мутолаа жараёнида тир


Не сдавайте скачаную работу преподавателю!
Данный реферат Вы можете использовать для подготовки курсовых проектов.

Поделись с друзьями, за репост + 100 мильонов к студенческой карме :

Пишем реферат самостоятельно:
! Как писать рефераты
Практические рекомендации по написанию студенческих рефератов.
! План реферата Краткий список разделов, отражающий структура и порядок работы над будующим рефератом.
! Введение реферата Вводная часть работы, в которой отражается цель и обозначается список задач.
! Заключение реферата В заключении подводятся итоги, описывается была ли достигнута поставленная цель, каковы результаты.
! Оформление рефератов Методические рекомендации по грамотному оформлению работы по ГОСТ.

Читайте также:
Виды рефератов Какими бывают рефераты по своему назначению и структуре.